Кенгаш раиси ҳисобот берди
2 ноябрь куни “Кок-Арт” ахборот агентлигида Жалал-Абад шаҳар кенгашининг раиси Эрнис Ормоков оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказиб, шаҳар кенгаши фаолиятининг тўрт йиллик ҳисоботини берди.
№46 , 07.11.2016-й.
Кенгаш раисига кўра, ўтган тўрт йил мобайнида шаҳарда мислсиз ўзгаришлар бўлиб, ободонлаштириш, қурилиш ва капитал таъмирлаш ишлари авж олдирилди. Шаҳар ичидаги йўллар кенгайтирилиб, канализация, газ ва сув қувурлари янгиланди. Бундан ташқари шаҳар бюджетининг очиқлиги таъминланиб, 305 миллион сомдан 325 миллион сомга етказилди. Шу билан бирга, шаҳар инфраструктурасини яхшилаш бўйича халқ тингловлари ўтказилди. Маслаҳатли тўй тарқамас, деганларидай шаҳар аҳолисининг талаб ва таклифлари бўйича иш олиб борилаётгани сабабли шаҳарда бўлаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар бўйича аҳоли ўртасида ҳеч қандай норозилик йўқ. Шаҳар бюджетини тўлдиришда, айниқса, корхона ва ташкилотлардан ташқари хусусий тадбиркорларнинг улушлари салмоқли бўляпти. Шу сабабли тадбиркорликка кенг йўл берилган.
Шаҳар кенгаши раиси матбуот анжуманида, шунингдек, шаҳарликларга янги кўпқаватли турар жойлар қуриш учун яқин орада хорижлик инвесторлар келишини маълум қилди. Ҳозир қурилажак уй-жойлар учун майдон ажратиш масаласи қараляпти.
Матбуот анжумани сўнгида шаҳар кенгашининг раиси журналистларни қизиқтирган бошқа кўплаб саволларга жавоб берди.
Ш. Багишева
Жаны комментарийлер